Тил билган эл билар

2017-йил 15-декабр куни “Иқтисодиёт ва менежмент” факультети ёшлар етакчиси Раҳматова Мухлиса ташаббуси билан факультет талабаларининг хорижий тилларни ўрганишга янада қизиқишни ошириш, уларнинг билим ва салоҳиятини ривожлантириш, шунингдек, тажриба алмашиш мақсадида яқинда фаолият бошлаган “Leadership organization for youth” ташкилоти асосчиси Мафтуна Мўминова ва унинг волантёрлар Ҳамидова Мунира ҳамда Ваҳобов Азизбек томонидан институтимизнинг Ахборот ресурс марказида маҳорат дарслари ўтказилди. 

Ҳайратланарлиси, бу шижоатли ёшлар лицей ва мактаб ўқувчилари бўлишига қарамасдан, ўз ташкилотига асос солиб, у ерда самарали фаолият юритишмоқда, шунингдек, тенгдошларига билим бериб келаётганлиги билан таҳсинга сазовор.

Маълумки, институтимизда ҳар жума куни инглиз тилида сўзлашиш куни сифатида эътироф этилган. “Leadership” ташкилоти томонидан ўтказилган ушбу тақдимот ҳам айнан шу мақсадни амалга оширишдаги самарали саъй-ҳаракатлардан биридир.

Инглиз тилида ўтказилган маҳорат мактаби мотивatsiон видеоролик билан бошланиб, тил ўрганиш бўйича тавсиялар кўрсатилган тақдимот намойишига уланиб кетди. Унда турли интерактив усуллар қўлланилгани сабабли қизғин баҳс-мунозаралар ва муҳокамаларга бой бўлиб ўтди. Тадбир давомида талабалар ўртага ташланган муаммоли вазиятларга турли ечимлар топиб, ўз фикрларини инглиз тилида билдирдилар.

 

Талабалар кенгаши сардори Жаҳонгир Саидахмедов ахбороти

Институт матбуот котиби: Раҳимбой Жуманиёзов